Yangiliklar
Фарғонада “Ҳуқуқий-маърифий билимдон” танловининг вилоят босқичига старт берилди
27-noyabr 2025-yil
Бугун Фарғона шаҳридаги 25-мактабда ўқувчилар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатланишини ёшлар онгига сингдириш орқали уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ташкил этилган “Ҳуқуқий-маърифий билимдон” танловининг вилоят босқичига старт берилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят Мактабгача ва мактаб таʼлими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилафруз Қосимова барча иштирокчиларга омад тилади ҳамда ўқувчиларни нуфузли танловда фаол бўлишга чорлади.
Бугунги беллашувда вилоятдаги 19 та шаҳар ва туманларда ташкил этилган ушбу танловда ғолиб бўлган 95 нафар ўқувчи иштирок этмоқда.
Мазкур мактабда танловда қатнашаётган ўқувчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, беллашувнинг одилона ва шаффоф ўтиши учун чоралар кўрилган.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таʼлими бошқармаси Ахборот хизмати.