Янгиликлар
Раҳбар ва ёшлар учрашуви: Келажак эгалари билан очиқ мулоқот
2 июль 2026 йил
Бугун вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов Олтиариқ туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби ва 34-ИДУМда ёшлар билан учрашди.
Тадбир аввалида Шерзод Долимов сўнгги йилларда республикамизда ёшлар сиёсати даражасига кўтарилган ислоҳотлар, навқирон авлод вакилларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи ўз сўзида Давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор ёшларнинг ўз иқтидорларини тўлақонли намойиш этишлари учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва мулоҳазалари билан раҳбарга юзландилар.
Учрашувда нафақат таълим сифати, балки мактаб ҳаёти, тўгараклар фаолияти ва келажакдаги режалар хусусида ҳам қизғин фикр алмашилди.
Шерзод Долимов ўқувчиларнинг ҳар бир фикрини тинглаб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Тадбир якунида илм-фан, спорт ва жамоатчилик ишларида алоҳида фаоллик кўрсатиб, тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ пешқадам ва иқтидорли ўқувчиларга бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари ҳамда сара китоблар жамламаси, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.