Янгиликлар

.

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

16 октябрь 2026 йил
image

Ижтимоий тармоқларда «Мактаб ва боғчалардаги мажбурий обунага қачон чек қўйилади?» сарлавҳаси остида Фарғона вилояти Фурқат туманидаги таълим муассасаларида мажбурий обуна ташкил этилаётгани ҳақида хабар тарқалди.
 
Мазкур ҳолат Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ўрганилди.
 
Ўрганиш давомида мактаб ўқитувчилари, ўқувчилар ҳамда айрим фаол ота-оналар билан суҳбатлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида обунага мажбурлаш ёки бу борада таълим муассасалари раҳбарияти томонидан босим ўтказиш ҳолатлари аниқланмади.
Шунингдек, юқори турувчи ташкилотлар томонидан обунани ташкил этиш юзасидан хат ёки кўрсатма берилмагани маълум бўлди.
 
Ўрганиш жараёнида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг дарсликлар бўйича методисти томонидан ўқувчилар учун чоп этиладиган «Билимдон» ва «Доноворд» журналларининг 2027-йил учун обунасини тарғиб қилиш мақсадида туман мактаблари кутубхоначиларининг Телеграм гуруҳига хабар юборилгани аниқланди. Унда ота-оналар розилиги билан синф кутубхонаси учун мазкур журналлардан бирига бир дона обунани ихтиёрий равишда расмийлаштириш тавсия этилган.
 
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли тартибда чора кўриш учун ҳужжатлар туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбариятига тақдим этилганини маълум қиламиз.

Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.

fargonammtb@uzedu.uz
@FVMMTB
@FarVMMTB
/fmmtb