Янгиликлар
#АСОСИЙ ФАН ОЛИМПИАДАСИ: 5-КУН
19 октябрь 2026 йил
Бугун ўқувчилар биология фанидан билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказмоқда.
Асосий фан олимпиадаси тасдиқланган режа-график асосида давом этмоқда. Беллашувларнинг бешинчи кунида иштирокчилар биология фанидан ўз билимларини намоён этиб, белгиланган топшириқларни бажариш орқали ўзаро беллашмоқдалар.
Бугунги олимпиадада уч навбатда 9-, 10- ва 11-синф умумтаълим мактаблари ўқувчилари, нодавлат таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда техникум талабалари иштирок этиши режалаштирилган. Иштирокчилар сони қарийб 5 минг нафарни ташкил этади.
Олимпиада жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, иштирокчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, беллашувларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча синовлар белгиланган тартиб-қоидалар асосида, холислик ва адолат тамойилларига риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда.
Тест синовлари натижаларига кўра, биология фани бўйича уч нафар ғолиб аниқланиб, улар олимпиаданинг учинчи — ҳудудий босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритади.
Асосий фан олимпиадаси — билимли, изланувчан ва иқтидорли ёшларни кашф этиш йўлидаги муҳим имконият!
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.