Сайт тест режимида ишламоқда

Янгиликлар

.

Бугун Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида тақдирлаш маросими ташкил этилди

25 август 2025 йил
image

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси, Адлия, Миллий гвардия ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарлари, фахрий устозлар, вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” ва “Йилнинг энг иқтидорли ўқувчиси” танловида фахрли 1-3 ўринларни қўлга киритган ўқитувчилар ва мактаб ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Маросимда сўз олган вилоят ҳокими республикамизда таълимга берилаётган катта эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар хусусида гапириб, вилоятимизда соҳада амалга оширилаётган ишлар ва қўлга киритилган бир қатор ютуқларга тўхталиб ўтди. Ўзининг машаққатли меҳнати, ижодий салоҳияти билан жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўқитувчи-мураббийлар сафи кенгайиб бораётганини эътироф этди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими томонидан Президент соврини учун оʻтказилаётган “Хорижий тилларни оʻқитиш боʻйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан 2024-2025 ўқув йилида таълим соҳасида соғлом рақобат ва илғор тажрибаларни янада оммалаштириш мақсадида муаллимлар ўртасида “Йилнинг энг иқтидорли ўқитувчиси” ҳамда ўқувчилар ўртасида “Йилнинг энг иқтидорли ўқувчиси” танловлари ташил этилди.

Мазкур беллашувларда 27 мингдан ортиқ ўқитувчилар ва 73 минг нафар иқтидорли ўқувчилар фаол қатнашдилар. Танлов натижасига кўра, 36 нафар фидойи устозлар ва 63 нафар иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар ғолиб, деб топилди.

Бугунги тадбир давомида  юқори натижаларга эришган ва 1-ўринни эгаллаган 12 нафар устозларга 50 миллион сўмдан, 2-ўринни қўлга киритган 12 нафар устозларга 30 миллион сўмдан  ва учинчи ўринни қўлга киритган 12 нафар устозга  20 миллион сўмдан  пул мукофоти ва вилоят ҳокимининг ташаккурномаси  ҳамда  21 нафар 1-ўринни қўлга киритган ўқувчига 15 миллион сўмдан, 2-ўринни қўлга киритган 21 нафар ўқувчига 10 миллион  сўмдан ва 3-ўринни қўлга киритган 21 нафар ўқувчига 5 миллион сўмдан пул мукофоти ва вилоят ҳокимининг ташаккурномаси тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида фидокор фахрий устозларнинг соҳага кўмаги ҳам эътироф этилиб, бир қатор нуронийларимизга ва куни кеча Қирғиз республикасининг Иссиқ кўл вилоятида спортнинг футбол тури бўйича халқаро турнирда ғолиб бўлган ўқувчиларга ҳам эсдалик совғалар топширилди.

Тўкин дастурхон атрофидаги гурунг ва суҳбатлар ҳамда вилоятимиздаги таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, гўзал тароналар эса ўйин-кулгуларга уланиб, тадбир иштирокчиларига хуш  кайфият бағишлади.

Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.

fargonammtb@gmail.com
@FVMMTB
@FarVMMTB
/fmmtb