Янгиликлар
“Сен истеъдодлисан” кўрик-танлови
28 октябрь 2025 йил 
Фарғона шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан илк бор ташкил этилган “Сен истеъдодлисан” номли кўрик-танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Танловда уйда якка тартибда таълим олаётган, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив синфларида таҳсил олаётган ўқувчилар фаол иштирок этишди.
Ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган тадбирда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари иштирок этишди. Улар танловнинг имконияти чекланган болаларнинг иқтидорини кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ўз ўрнини топишларига замин яратишдаги муҳим аҳамиятини таъкидладилар.
Тадбир давомида ҳар бир бола бетакрор олам экани, уларга имкон бериш, ишонч билдириш ва кўмаклашиш зарурлиги ҳақида фикр юритилди. Барча иштирокчиларга омадлар тиланди.
Шаҳарда ҳозирда 145 нафар имконияти чекланган бола уйда якка тартибда, 57 нафар бола эса инклюзив синфларда таълим-тарбия олмоқда.
Иштирокчи ўқувчилар эстрада-вокал (анъанавий ижрочилик) ҳамда тасвирий санъат йўналишларида ўз ижодлари, қизиқишлари ва ички дунёсини ўзига хос тарзда намоён этдилар. Ҳар бир чиқиш меҳмонлар томонидан қизиқиш билан кузатилди. Тадбир жараёнлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилди.
Байрамона кайфият улашиш мақсадида болажонлар учун концерт дастури ҳамда меҳмонлар иштирокидаги байрам дастурхони ташкил этилди.
Тадбир якунида ижодий ишлари билан ажралиб турган ўқувчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Ғолиб ва совриндорлар танловнинг вилоят босқичига йўлланма, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.