Янгиликлар
Кореялик таълим делегацияси Фарғона шаҳридаги 2-мактабда бўлди
28 октябрь 2025 йил 
Хабарингиз бор, Корея Республикасининг Жеолланам-до таълим бошқармаси вакиллари амалий ташриф билан Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Ташриф дастури доирасида Жеолланам-до таълим бошқармаси вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюришди. Меҳмонларни вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов қабул қилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Жеолланам-до таълим бошқармаси ўртасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.
Кореялик таълим делегацияси аъзоларини Фарғона шаҳридаги 2-мактаб жамоаси тантанали тарзда кутиб олди. Хорижлик меҳмонлар ушбу таълим маскани фаолияти билан яқиндан танишишди. Жумладан, улар ўқувчилар томонидан саҳналаштирилган “Жадидлар” номли саҳна кўринишини томоша қилишди.
Шунингдек, мактабда ўқувчиларнинг тил ўрганиш жараёнлари билан танишиб, инглиз ва корейс тили тўгараклари машғулотларида бевосита иштирок этишди. Меҳмонлар ўқувчилар ва устозлар билан самимий суҳбатлашишди, ўқувчиларнинг корейс тилида берган саволларига жавоб беришди.
Жеолланам-до вилояти Жангҳеунг таълим бўлими раҳбари Жеонг Ҳаенгжунг ҳамда Жеолланам-до таълим бошқармаси бошлиғи Ким Еонгшин мактабда йўлга қўйилган тўгараклар фаолиятини юқори баҳоладилар.
Хорижий делегация аъзоларига ташриф давомида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов ҳамроҳлик қилди.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.