Янгиликлар
Фарғонада меҳр ва эътибор: 100 нафар болага байрам қувончи улашилди
17 март 2026 йил
Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан Наврўз умумхалқ байрами ҳамда Рамазон ҳайити арафасида инсонпарварлик ва меҳр-оқибатга йўғрилган эзгу тадбир ташкил этилди.
Бошқарма бошлиғи Шерзод Долимов раҳбарлигида ўтказилган ушбу ташриф доирасида вилоятда уйда таълим олувчи ўқувчилар, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларидан иборат 100 нафар бола ҳолидан хабар олинди.
Тадбир давомида бошқарма аппарати ходимлари ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан самимий мулоқот ўтказиб, болаларнинг таълим олиш шароитлари, соғлиги ва кайфияти билан яқиндан танишди. Шу билан бирга, уларга байрам табриклари йўлланиб, эзгу тилаклар билдирилди.
Учрашув якунида ўқувчиларга китоблар, байрамона совғалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Бу эътибор ва ғамхўрлик болалар ҳамда уларнинг оила аъзолари қалбида қувонч ва миннатдорлик туйғуларини уйғотди.
Мазкур ташриф жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик қадриятларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббус сифатида аҳамият касб этди.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.