Янгиликлар
“ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ТАРБИЯЧИСИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ
7 май 2026 йил
Мактабгача таълим тизими ходимлари ўртасида ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи Фарғона шаҳридаги 47-мактабда юқори савияда ташкил этилди.
Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жами 83 нафар мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари ҳамда тарбиячилар иштирок этдилар.
Танлов давомида иштирокчи тарбиячи-педагоглар ўз билим, тажриба ва касбий салоҳиятларини намоён этдилар. Жумладан, “Амалий машғулотлар” шарти асосида болалар билан ишлаш усуллари, педагогик маҳорат ҳамда замонавий ёндашувлар бўйича ўз кўникмаларини кўрсатдилар.
Тадбирнинг асосий мақсади – илғор ва ташаббускор тарбиячиларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ҳамда таълим-тарбия сифатини янада оширишдан иборат.
Бугун танлов ўз ниҳоясига етиб, ғолиб ва совриндорлар диплом, Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов ғолибларни самимий табриклаб, Республика босқичида омад ва муваффақият тилади.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати.